Келин кўйлак ҳақидаги илк орзу-хаёллар болалигимданоқ бошланган. Беғубор бола кўнгли билан оппоқ либос, унинг безаклари, нафислиги, барчанинг эътиборида бўлишини тасаввур қилардим. Бора-бора бу тасаввурлар қатъийлашиб,аниқ мақсадга айланди.

Биласиз, бўлажак келинлар учун тўй либоси асосан ижарага олинади. Аммо тўй куни эгнимда бўладиган кўйлак менга атаб, мен учун тикилишини ният қилардим. Кейинчалик уни киймасам ҳам майли, бироқ ҳаётимнинг энг бахтли онларидан эсдалик бўлиб бир умрга қолишини хоҳлардим. Қарангки, Оллоҳ насиб этган экан, тўйимда бир эмас, иккита атайин мен учун тикилган келин кўйлакларни кийим бахти насиб этди.

Бу кўйлакларнинг матоси, ранги, бичими, тикилиш услуби, безаклари — барча-барчасини танлашда бўлажак турмуш ўртоғим, яқин дугоналарим, қолаверса, “Je t`aime” тўй либослари салони раҳбари Нозима Хайитметова билан маслаҳатлашиб, бир тўхтамга келдик. Бу жараёнлар ўзим ўйлаганимдан ҳам осонроқ ва тезроқ битди. Балки феъл-атворим у қадар оғир бўлмагани учунми, ҳаммаси тез-тез топилиб, танланиб, тикилиб, тайёр бўлди.

Мен учун энг муҳими: келин кўйлакнинг очиқ бўлмаслиги, ўзимга ярашиб туриши, айни дамда, матоси-ю нақшлари ўзгача, бошқача бўлиши эди. Либосимни тайёр ҳолатда кўрганим биринчи ондаёқ — у орзуйимдаги кўйлак эканини ҳис этдим. Орзу-истакларим амалга ошишида кўмак берган барча инсонлардан ниҳоятда миннатдорман. Дунёдаги ҳамма қизлар бахтли келинчак бўлишини, ўзлари ният қилган келин кўйлакни кийиш насиб этишини тилаб қоламан.