Кенг омма эътиборига, аниқроқ айтадиган бўлсак, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га қўйилган ва анча шов-шувларга сабаб бўлган қарорни Олий Мажлис Сенати қабул қилмади.

“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг қарори лойиҳасида:

тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилиши, соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмаслиги;

— тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафардан ортиқ киши қатнашмаслиги;

— никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан 2 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш;

— лицензияга эга бўлмаган санъаткорларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатишга йўл қўйилмаслиги таъкидланган эди.

Халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан “танишув”, “сеп ёйди”, “қуда таниш”, “ота кўрди”, “ота келди”, “чарлари”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “куёв навкари”, “келин навкари”, “келин салом”, “тоғора юбориш” ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ҳам ман этилиши қайд қилинганди. Шунингдек, “пул қистириш”, “пул сочиш”, “севги тарихи” (“Love story”) кабиларга изн берилмаслиги айтилганди.

Бир неча ой қизғин муҳокама қилинган, қанчалик кўп одам томонидан ёқланган бўлса, шунчалик қаршиликка учраган ушбу меъёрлар ҳаётга татбиқ этилмайдиган бўлди. Боиси Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида қарор лойиҳаси қабул қилинмади. Аксинча, халқимиз хоҳиш-иродаси тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш лозим, деган хулосага келинди.

Сенаторларнинг фикрича, оилавий тадбирларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилик ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим. Бунга эса мажбурий чекловлар билан эмас, ихтиёрий хоҳиш билан ёндашиш керак.