Ҳисоб-китобимизга кўра, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида никоҳ тўйи билан боғлиқ йигирмага яқин одат ва удумлар бор. Уларнинг ибтидоси “оқ ўрар” билан бошланади.

Қизнинг онаси розилик аломати сифатида совчиларга бош-оёқ сарпо, мева-ширинликлардан ясалган сават беради. Ушбу тадбир харажатлари чўтга солинса, тахминан 500 минг сўмлик чиқим чиқади. Бу ҳали бошланиши. Бошқача айтганда, “оқ ўрар” энди катта-катта олди-бердиларга йўл очади. Орадан бир ой ўтиб, асосий тадбирлардан бири — “катта фотиҳа” ўтказилади. Маросимда куёв томондан ўндан ортиқ тоғорада озиқ-овқат ҳамда келинга сарпо келади. Қиз томондан бундан ошириб, тоғора-тоғора таом, куёв ва қудаларга сарпо қилинади. Хомчўт қилганда, фақат бир томондан ўртача 1,5 миллион сўм сарфланади. Атир-упа, атторлик моллари ҳамда келин ва унинг қариндошлари учун совғалар ҳам тахминан 3-4 миллион сўмга айланади. Шу аснода сут ҳақи, қалин ва наҳорги ош харажатлари ҳам келишиб олинади. Айни пайтда бунинг учун бошланғич нарх 5,5 миллион деб белгиланган. Энди бу ёғига ҳамма киз томоннинг ҳамёнига қувват тилайди…

Ҳозир замонавий одатларга айланиб улгурган турли маросимлар шу қадар оммалашганки, барча тадбир учун алоҳида-алоҳида, буюртмачининг дидига мос хизматлар таклиф қилинаяпти. Бунинг учун таниш қидириш шарт эмас. Ижтимоий тармоққа кирсангиз бас. Фақат чўнтакда сармоя бўлса бўлди!..

Бугунги тўйлар ҳақида ўйлар экансиз, “бор борига, йўқ ҳолига” деган нақл ўз аҳамиятини йўқотганига амин бўласиз. Автомобиллар карвонини, бу уловларнинг, чиройли бўлса-да, аммо ваҳимали юришини бахтли кундан эсдалик сифатида тасвирга олиб, ҳайратга соладиган фантастик кинолардан кам бўлмаган ҳолда монтаж қилиб берадиган хизматлар бисёр. Тўй эгаси, қурби етадими-йўқми, ноилож ёшларнинг хоҳишига қарайди.

Ҳа, айтгандай, келинга сарпо, атторлик молларини жойлаб бориш учун ҳам чиройли қутилар “мода” бўлган. Олдингига ўхшаб, бўхчага солиб олиб бориш қудалар олдида уят ахир.

Келин томондан ёзиладиган ош дастурхони тўйнинг асосий маросимларидан бири. Ошга тўй эгалари ўзларининг хеш-акраболари, яқинлари, таниш-билишларини таклиф этадилар. Айниқса, қуда томонга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат килинади. Албатта, бу тантанада ҳам, ош чиқимларидан ташқари, ҳурматли меҳмонларга тўн кийғизиш шарт (!?). Ҳар ким ўз имкониятига қараса-да, сўнгги пайтларда тўнлар сонини кўпайтиришга бўлган зўриқиш кучаяётганини кузатиш мумкин. Кимдир тортиқ қилинган тўнни тўйдан эсдалик сифатида эгнига солиб юрса, аксар тўн эгалари бу миллий кийимларни сандиққа уради ёки тўйдан тўйга алмаштириб юраверади…

Тўйнинг муҳим тантанаси – бу никоҳ кечаси, албатта. Шунинг учун ҳам асосий эътибор ана шу шодиёнага қаратилади. Харажатлар бақувват кўриниш олиши шубҳасиз. Қолаверса, навбатчи санъаткорларнинг нархи баланд. Шуниси ажабланарлики, айрим тўй эгалари бир эмас, бир неча навбатчи хонандалар билан тантана ўтказишга ҳаракат қилишаяпти. Бунчалик чиранишга не хожат? Миллионлаб сармоялар уларнинг йўлига соврилиб юборилишига, бу қадар нархларнинг қатъий белгиланишига ҳам яна одамларнинг ўзи рағбат бермаяптими?

Тўй маросимларининг навбатдаги қисми чарлар билан давом этади. Аслида кичик танатана ҳисобланса-да, бунга ҳам бир тўйнинг харажати сарфланади. Биз ҳали тилга олмаган “мол ёяр”, “қуда чақириқ”, “куёв чақириқ” сингари бир қатор маросимлар ҳам бор. Ижтимоий сўровлар натижасида олинган хулосалар шундан далолат бермоқдаки, тўй борасида кўпчиликда фарзандларининг бўлгуси ҳаётидан кўра, ўзини намоён қилиш, шуҳратпарастлик устун келар экан.

Шунча куйди-пишдилардан сўнг келин-куёв бахт оғушида осуда ҳаёт кечириб кетса, нур устига аъло нур. Аммо тўйдан кейин чиқадиган баъзи икир-чикирлар бу толега соя солди. Мол-дунё барибир ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Мисол учун, қайсидир қайноналарни идиш-товоқларми ёки мебель, совғага келган маиший техникаларнинг сифати, аниқроғи, хорижники эмаслиги қийнайди. Булар, кузатувларимизга кўра, кўпинча оила мустаҳкамлигига путур етказиш билан ниҳояланади.

Ижтимоий сўровлар орқали шунингдек тўйларда ҳаддан зиёд сарф-харажатлар кўпайтириб юборилиши нафақат оила, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам зиён етказиши ҳақида кўплаб фикрлар олинган. Яна бир жиҳат, бундай сўровларда тўйларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш билан бирга, бу борада кейинги пайтда энг олд ўрин эгаллаб турган ҳудудлар ҳам аниқланган. Маълум бўлишича, бугунги кунда республикамизнинг тўртта ҳудудида серхарж маросимларни ўтказиш ҳолатлари кузатилаяпти. Масалан, Фарғона вилояти бўйича тўй автоуловлари ҳаттоки Тошкентдан буюртма асосида олиб борилаяпти. Албатта, ижараси анча юқори, тахминан 2 миллион сўмга тўғри келмоқда. Шу билан бирга меҳмонхона ва ётоқхона мебеллари борасида ҳам ортиқча дабдабавозликка йўл қўйилаяпти.

Сурхондарёнинг меҳмондўст аҳолиси ўртача 500 нафардан 700 нафаргача киши билан тўй ўтказаяпти. Бундан ташқари, Бухоро, Хоразм,  Самарканд ва пойтахтда энг тўкис, бой тўй тантаналари нишонланаётир.

Бошдан дўппини олиб, кенгроқ ўйлаб кўрсангиз, бу пулга пойтахт марказидан энг яхши хонадонлардан бирини харид қилиш мумкин. Ёки пухта ўйланган бизнес-режани ривожлантириб юбориш ҳеч гап эмас. Ҳақиқат шуки, шинамгина ўтказиладиган тадбирни мураккаблаштириб, икки ёшнинг келажагига тиргак бўладиган катта маблағ ҳою ҳавас йўлида  ҳавога совуриб юборилаяпти. Ахир фарзандлар бахтли бўлиши учун кўп нарса керак эмас.