Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Тo‘ylar muborak” фестивали 2016 йилда нафақат мода оламининг энг ёрқин кадрларини акс эттирди, балки халқаро кўламдаги лойиҳаларни амалга оширди. Натижада “Inter Tashkent Expo” компанияси ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари ила “Муҳаббат тафти” ҳинд телесериалида бош ролни ижро этган актёр Барун Собти Ўзбекистонга ташриф буюрди ва кечанинг махсус меҳмони бўлди. Аҳамиятлиси, тадбирда Россия, Озарбойжон, Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа қўшни республикалардан келган мухлисларни ҳам учратиш мумкин эди.

Фестивал режасига киритилган учта йирик лойиҳалардан бири сифатида даставвал муҳташам “Radisson Blu hotel Tashkent” меҳмонхонасида ҳиндистонлик актёр Барун Собти иштирокида ОАВ ходимлари учун пресс-конференция ташкил этилди. Шунингдек, актёрнинг мухлислари билан очиқ давра суҳбати бўлиб ўтди. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга севимли юлдузидан жавоб олишга муяссар бўлишди. Ўз ўрнида Барун Собти ҳар бир меҳмонга алоҳида эҳтиром кўрсатди ва мухлисларига миннатдорлик билдирди.

Тадбирнинг айни шу палласида “Муҳаббат тафти” сериали бош қаҳрамонлари Арнав Сингх Ризада ва Куши Кумари Гуптага овоз берган дубляж усталари: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилдора Рустамова ҳамда актёр Элбек Мирзоҳидов саҳнага таклиф этилди. Улар шу ернинг ўзида сериалнинг дубляж жараёнларини намойиш этишди.

Тo‘ylar muborak”  фестивали доирасида, одатдагидек, “Lotte City Hotel Tashkent Palace” меҳмонасининг “Шарқ юлдузи”  намойишлар залида тўй ва оқшом либослари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда  “GAF” модалар уйи асосчиси Ғайратхон, ўзига хос йўналишга эга дизайнер Нодира Ҳусниддинова, “Sapfir” тўй либослари салони ҳамда “Garneto Show” модалар мактаби болажонлар учун ажойиб либосларни намойиш этишди.

Либослар тақдимотидан сўнг ҳинд актёри Барун Собти ва  “Inter Tashkent Expo” компанияси директори, “Тo‘ylar muborak” фестивали асосчиси Дилдора Зайнутдинова иштирокчиларни махсус дипломлар билан тақдирлашди. Тадбир ниҳоясида “O‘zbegim” салон-ательеси томонидан яратилган, миллий либосларимиздан бири бўлмиш ажойиб бичимдаги беқасам тўнни ташкилотчилар азиз меҳмон Барун Собтига совға қилишди.

Фестивал ўз ичига олган учинчи лойиҳа тадбирнинг якуний қисмидан ўрин олди. “Lotte City Hotel Tashkent Palace” меҳмонасининг ёзги ҳовлисида “Юлдузли зиёфат” номли кеча уюштирилди.


“Garneto Show” моделлар мактаби болажонлар учун уларнинг олами, истак ва хоҳишларидан келиб — чиқиб ўз маҳсулотларини тақдим этди. Дизайнерлар Нилуфар ва Малика Иброҳимзодаларнинг ижодий тақдимотида рангларнинг руҳиятига таъсири аниқ жараёнларда белгилаб олингани сезилиб турди.


“GAF” модалар уйи томонидан тақдим этилган “Fanaa” коллекцияси либосларида хиндча услуб етакчилик қилди.


Дизайнер Нодира Ҳусниддинованинг “Ocean drive” — оқшом либослари янги тўпламининг намойиши.


“Sapfir” тўй либослари салони либослари мажмуаси нозик дид ва шоҳона кайфият уйғунлигини  намойиш этди.