Тўю тантанага ота-оналаримиз йиллар мобайнида тайёргарлик кўришади. Яхши орзу-умидлар билан саруполар йиғишади. Тўй халқимизнинг асрлар оша сайқал топиб келаётган қадриятларидан бири-да. Унда ўзлигимиз, орзу-умидларимиз, ота-боболаримиздан қолган бой мерос намоён бўлади. Азалдан аждодларимиз тўйга қуруқ боришмаган. “Тўйга тўёна билан” анъанасининг бизга сингиб кетгани ҳам шундан бўлса керак.

Келин-куёвга совға танлаш масаласи билан тўқнаш келган бўлсангиз, янги оилага асқатиши муқаррар бўлган совғани танлашга ҳаракат қилинг. Келиннинг ёки куёвнинг қизиқишлари, дидини ҳам эътибордан четда қолдирманг. Совға ҳақиқатан ҳам фойдали ва эсда қоларли бўлиши учун совға чин дилдан берилиши керак.

Тўёна тариқасида берилиши мумкин бўлган энг оддий совға — бу, шубҳасиз, чиройли конвертга солинган пул. Пул яхши совға, келин-куёв камчиликларини тўлдириб олиши мумкин. Бирон корга ярайдиган даражада салмоқли маблағ бўлса-ку, ундан яхши совға йўқ. Бунга эътироз билдириб бўлмайди.

Лекин сиз келин-куёвга бир умрга эсда қоларли бирон буюм совға қилмоқчи бўлсангиз, дўкон ва бозорларни айланиб, мос совғани танлаб олсангиз бўлади.

Совға танлашда қуйидагиларни эътибордан четда қолдирманг:

  • совғангиз келин ва куёвга асқатадиган фойдали ҳамда керакли буюм бўлсин;
  • сизга ҳадя қилинган буюмларни совға тариқасида бермасликка ҳаракат қилинг;
  • совға қимматбаҳо бўлиши шарт эмас, қизиқарли бўлсин;
  • совға билан бирга спиртли ичимлик ёки торт қўшиб берманг;
  • нарх ёзилган қоғозчани олиб ташлашни эсдан чиқарманг, лекин чекни ташлаб юборманг;
  • чиройли бўлса-да, келин-куёвларга асқатмайдиган буюм бўлса, уни яхшиси ҳарид қилманг.

Қуйида тўйга совға қилиш мумкин бўлган буюмлар рўйхатини келтириб ўтамиз:

1. Идиш-товоқлар. Турли сервислар, идишлар тўпламлари.
2. Чойшаблар тўплами.
3. Кумуш идишлар.
4. Подставкали сунъий катта гуллар.
5. Хўжалик техника ва электроника буюмлари (телевизор, микротўлқинли печь, музлаткич, чангюткич ва бошқалар).
6. Гилам, қандил, ваза, ҳайкалча, картина кабилар.