Тўй-ҳашамларда  янграйдиган қўшиқлар бугун шаклланаиб қолгани йўқ. Дейлик, “Мустаҳзод”, “Ҳай-ҳай ўлан”лар юз йиллардан буён халқимизнинг бахтли кунларида жаранг сочиб келмоқда. Шундай бўлса-да, ташқаридан қараган одамга нечоғлик бемаъни туйилмасин, ҳар бир ҳудуд учун ўзининг “хит” тўйбоп қўшиқлари мавжуд. Тошкентликлар учун Бухорода айтилаётган “Божа-божа” қанчалик эриш бўлса, қашқадарёликларга пойтахт тўйларида талабда бўлган русчаю арабча қўшиқлар шунчалар бегонадир.

Бу ҳолатни тушунтириб бўлмайди. Уни назорат қилиш эса ақлга сиғмайди. Бироқ «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ақлга сиғмас ана шу ишни қилишга уриниб кўрди — тўй-ҳашамларда куйланадиган қўшиқларнинг тавсиявий характерга эга бўлган махсус йўриқномасини ишлаб чиқишни ният қилди. Шу мақсадда халққа

мурожаат қилиб, қайси йўналишда ва қандай ижро услубида куйланган қўшиқларни тинглашни хоҳлашини сўради.

Юртдошларимизни ушбу сўровномада иштирок этишга чорлаб, ўз таклифларини билдириш учун электрон манзил ва телеграм рақамларни эълон қилди.

“Ўзбекконцерт”нинг нияти холис, ҳам дейлик. Бироқ уммонни ҳовучлаб бўлармиди. Хўш, одамлардан таклифлар тушган тақдирда ҳам уларни санъатдан, ўзбек маданиятидан, тарихимиздан нечоғлик бохабар инсонлар юбораётганини ким ҳисобга олади? Ким бу таклифларни саралаб чиқади? Ва энг муҳими, ким бу таклифлар асосида ишлаб чиқилган рўйхатни тўйхоналарга мажбуран “тиқиштира” олади?

Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Ўзбекконцерт»нинг тўй-ҳашамларда куйланадиган қўшиқлар рўйхатини шакллантириш ҳақидаги қарорини «шошилинч қарор», дея баҳолади.

«Ўзбекларда «сал шошиб қўйибди», дейилади-ку. Мана бу ерда ижодкорлар ўтирибди, билишадики, санъат асарлари халқнинг фикридан келиб чиқиб танланмайди. Санъат асарлари халқ орасида тарғиб қилинади. Тўйда нимани ижро қилайлик, деган масалани халққа ташлашдан кўра, уни тарғиб қилиш тўғрироқ бўларди», — дея фикр билдирган Назарбеков Тошкентда ўтказилган матбуот-анжуманида.

Ана шундан кейин тўйлардаги қўшиқлар рўйхатини тузиш масаласи ҳам ёпилди.