Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани одамлар, айниқса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида шу қадар катта шов-шувларга, норозиликларга сабаб бўлдики, бу мавзуга тўхталмаган оммавий ахборот воситаси қолмади ҳисоб.

 

Қизиғи, Раиснинг ушбу ҳаракатини оқлаганлардан кўра қоралаганлар кўпроқ бўлди. Тўйни қандай ва қанча автоулов билан ўтказиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида, деб ўйловчилар ўз фикрини тасдиқлаш учун ўнлаб асосларни келтирган тақдирда ҳам қонуний чекловлар борлигини рад этиб бўлмайди. Боиси тўй кортежлари автомобилларнинг ҳаракатланишига халақит қилиб, йўл транспорт ҳодисаси юзага келишига сабаб бўлади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати бошқармаси матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 7 ойида (яъни, 1 январдан 30 июльга қадар) 457 880 та маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлиб, улардан 108 005 таси қўпол қоидабузарликлардир.

Шунингдек, 48 629 та йўловчи ташиш қоидаларини бузиш, 5 098 та ҳолатда ҳайдовчиларнинг автомобил бошқарувида уяли телефондан фойдаланиши, 24 775 та ҳолатда тезликни меъёрдан ошириш, 3 466 та автомобилни маст ҳолатда бошқариш, 11135 та тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилган. 8097  та ҳолатда эса тегишли ҳужжатларсиз автомобилни бошқараётган ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Автомобиллар ҳаракатига халақит бераётган тўй кортежлари ҳам ЙПХ ходимлари томонидан жаримага тортилмоқда. Йил бошидан буён йўл патруль ходимлари томонидан 39 га яқин тўй кортежларига чора кўрилган.