Японияда келин-куёв биргаликда сакэ ичимлигидан роппа-роса 9 қултум ичишлари лозим. Биринчи қултум ёшларнинг эр-хотин бўлганликларини билдиради.

Кўпинча улар қариндош-уруғларининг исм-шарифи кўрсатилган рўйхатлар (мокуроку)ни ўзаро алмашишади. Тўй куни куёв бўлажак рафиқасининг бувиси-ю амакиларининг исмини айтиб мурожаат қилиши ниҳоятда қадрланади.

Энг қизиғи, японча тўйда рақсга тушилмайди. Бу ерда мусиқа эшитилар-эшитилмас янграб туради ва ҳурматли меҳмонларнинг суҳбатига халақит бермайди. Бу мамлакатда келин-куёв ва меҳмонларни олиб юрувчи машиналарни безатиш ҳам урфга кирмаган.

Японияда жуда кўп оилалар ўзаро келишув асосида бунёд бўлади. Улар ўртасида севги-муҳаббат эмас, ҳурмат, ишонч ва дўстлик барқарор бўлиши муҳимроқ саналади. Бу давлатда эр ўз рафиқаси билан жуда кам кўришади. Боиси белгиланган иш тартибига кўра, японлар куннинг асосий қисмини ишда ўтказишади ва уйга ниҳоятда кеч қайтишади. Хонадон юмушлари ва болалар тарбияси аёл зиммасига тушади.