Янги сони

5,000 UZS

Категория:

МАВЗУЛАР:

МУҲАРРИР ХАТИ

Мен учун муҳаббатнинг қадри доим баланд бўлган!

Қизалоқлигимда телевизорда «Мен сени севаман» деган гапни эшитиб, онамдан СЕВГИ нима, деб сўраганим ёдимда. Вақт ўтиб, оз бўлсада болаларча севги қандай туйғу эканлигини ақлим билан ҳис эта бошлагач катта бўлсам фақат муҳаббат ила оила қуришни орзу қилганман. Бора-бора бу туйғуни, улғайиш давомида унинг ҳаёт учун нақадар зарур эканлигини англардим. Ён-атрофимдаги оилаларда майда-чуйда ташвишларни, турли хил можароларни гоҳ кўриб, гоҳ эшитсамда менинг оила борасида ҳеч кимникига ўхшамайдиган ширин бир хаёлларим бор эди…

Йиллар ўтди, ҳаёт ҳақидаги баъзи қарашларим ўзгарди, баъзиларидан бутунлай воз кечдим, яна баъзилари эса аввалгидек хаёлларимни безаб турарди. Йиллар мени атрофга реал қарашга ўргатган бўлсада, СЕВГИ борасида ҳамон ўз ҲАҚИҚАТИМга ишонардим. Айнан ўзимга аталган, мен учун яралган севгини кутдим, қидирдим, соғиндим… Эҳтимол шу сабабдан оила борасида ҳали ҳануз қатъий қарор қабул қила олмагандирман…

Ҳозир ўн саккиз ёшли Дилдора эмасман! Ҳаётнинг бир қатор бекатларини кўрдим, турли синовларига дуч келдим, турфа одамлар билан тўқнашдим… Энди муҳаббат ҳақида оддий ўйлашга ҳаққим йўқдек…

Баъзида кўча-куйда севишган ёшларни кўриб қоламан. Кузатаман… Ўйланиб қоламан… Кимларгадир ҳавасим келади, кимларгадир аксинча… Севгини ҳамма ўзи билганча, ҳис қилганча тушунади ва ҳамманинг ўз қараши бор.

Баъзилар ҳамон ёлғиз ва ҳали ҳамон мен каби ўша севгини кутади. Кимдир муҳаббатни ўзининг ҳисоб-китобларига монанд бўлишини истайди. Кутиб йилларни ўтказади. Балки шунинг учун ҳам турмуш қурмагандир. Хамманинг ўз ўй фикрлари бор… Лекин мен уларни ҳаётни тезроқ тушунишларини ва йилларнинг қадрини баланд қўйишларини истардим.

Дунёнинг яралиши аслида муҳаббат! Кўнглимизда шундай бир улкан ишқ борки, унинг эгаси ягона Аллоҳ! Унинг инъомлари эса мўъжиза!

Икки инсон ўртасидаги муҳаббат эса ҳурмат, эъзозлаш, эътибор, меҳр ва шунга ўхшаш эзгу туйғулар билан янада гўзаллашади. Энг муҳими қандай бўлмасин МУҲАББАТнинг борлиги.

Мен барчанинг ҳаётига севги тилайман. Улкан, туганмас ва албтта бетакрор МУҲАББАТ тилайман!

Зайнутдинова Дилдора