Тўй оқшомининг маликаси, шубҳасиз, оппоқ либосдаги келинчакдир. Базмда ҳамманинг нигоҳи унда, унинг нафис кўйлагида бўлади. “Melady” тўй либослари салони раҳбари Феруза Шодмонова ва Дилдора Соипова билан бўлган суҳбат тўлалигича ана шу либосга бағишланди.

Радиобошловчи Раъно Алимованинг берган биринчи саволи шундай бўлди: “Келин кўйлак танлашда нималарга эътибор бериш керак?” Ҳа, бу савол оила қуриш арафасида турган барча қизларни ўйлантиради. Соҳа мутахассислари ушбу саволга атрофлича жавоб бериб, либос танлашда қизларнинг феъл-атвори, диди, бўй-басти ҳам инобатга олинишини айтиб ўтишди.

Сир эмаски, бугун нархи ўта қиммат келин кўйлаклар ҳам мавжуд ва уларга талаб ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳам арзон, ҳам ўшандай бежирим либос кийишнинг имкони борми?  Қандай бичимдаги кўйлаклар ҳозир урфда? Дастурга қулоқ тутган тингловчилар шу каби саволларга ўз ишининг усталаридан жавоб олишди.