Бугун неча ёшда турмуш қурган афзал, деган савол ҳақида қизларимиз кўп ўйлашади. Бу саволга бирламчи жавоб бериб бўлмайди. Бу жиддий қадамни қўйишга кимнинг қачон тайёр бўлишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди-да.

Балоғат ёшига етмаган қизларни эрга бериш — бу мутлақо бошқа мавзу. Суҳбатимиз балоғат ёшига етган, жинсий етукликка эришган, ҳаётда ўз йўлини топишга интилаётган замонавий ёшлар ҳақида. Гап ёшда ҳам эмас, аслида. Гап турмуш қуришга руҳий ва маънавий жиҳатдан тайёр бўлиш ҳақида кетаяпти…

“Эрга тегиш” ва “фарзанд дунёга келтириш” тушунчалари ҳар доим ёнма-ён юради. Фикримизча, янги оила қуриб, авлодни давом эттириб, хўжалик ишларини юргизишга тайёр бўлганлар оила қуришади. Оилавий муносабатларга тайёр деб фалон ёшни кўрсатиб бериш ҳам тўғри эмасдек. Қайсидир ожиза 18 ёшидаёқ оилани эплай олади. Тўғриси-да, у айнан шу ишни рисоладагидек қилиб бажариш учун йиллар давомида тарбияланади…

Худди европадагидек, аввал институтни тамомлашни, иложи бўлса, магистратурани ҳам тугатишни, яхши ишга жойлашиб, обрў-эътибор орттириш ва ундан кейингина оила қуришни мўлжаллайдиган аёллар тоифаси ҳам тобора кўпайиб бораяпти.

Яна ўша ёш тамойилига юзланадиган бўлсак, шифокорларнинг қайта-қайта таъкидлашича, аёл 25 ёшгача биринчи фарзандини дунёга келтиришга улгуриши керак. Дунё руҳшунослари эса аёллар 25 ёшда, эркаклар 30 ёшда оилавий ҳаётга тайёр бўлишади, деган фикрда. Шу боис ҳам турмуш қуриш масаласини олдиндан яхшилаб ўйлаб, тарозига солиб кўриш талаб этилади.

Энди муносиб ёр танлай билиш имкониятлари ҳақида фикрлашсак. Ҳар бир қиз ўзининг дунёқараши, ички дунёси, тарбияси ва табиатидан келиб чиқиб, ёр танлайди. 30 ёшдан ошган қизнинг турмуш қуриши қийин масала, дейишади. Биринчидан, “танлайвериб тозисига учраш”дан қўрқса, иккинчидан, у ўз хаёлларида идеал эркак образини яратиб бўлган. Ана ўша инсонни кутиб яшайди… Фикримизча, бундай вазиятда қиз ўз имкониятлари ва эркакнинг имкониятларига баҳо бера олиши, реалликни борича қабул қилишга ҳаракат қилиши, ўзини ҳам, атрофдагиларни ҳам алдамасликка, хомхаёлларга берилмасликка ҳаракат қилиши керак.

“Турмуш — мушт”, дейишади. У юмуш ҳам. Доим такомиллашувни, ўрганишдан чарчамасликни, ўз устида мунтазам ишлашни талаб этадиган кундалик юмуш. Асосийси, вазифаларни  қойилмақом қилиб бажариб қўйиш керак.

Ҳар қандай ёшда ҳам эрга тегиш мумкин. Бахтли турмуш ёшларнинг қандай ёшда унга қадам қўйганлари билан ўлчанмайди. Ўз тенгингни топа билишинг, руҳиятинг, дунёқарашинг, интилишларинг ўхшаш бўлган, сени қўллашга тайёр, ҳурмат-иззатга лойиқ инсонни учрата олишинг билан ўлчанади. Никоҳ ва ажралиш ўртасидаги масофа унчалик узоқ эмас. Балки бир қадамдир. Шунинг учун ҳам шошмаслик керак. Неча ёшда турмуш қурсак ҳам, асосийси, танловимиздан ҳеч қачон афсус чекмайлик!