Бетакрор журналист, маҳоратли сухандон Насиба Мақсудова бугун орамизда йўқ. Бироқ унинг иссиқ чеҳраси, ширали овози ҳамон мухлислари ёдида, қалбида. Қарангки, «Тўйлар муборак»  Насиба опанинг тўй маросимлари ва уларни олиб бораётган бошловчилар ҳақидаги фикрларини билишга улгурган эди. Ўшанда суҳбатдошимиз ўзбегимнинг энг қувончли куни билан боғлиқ қай жиҳатлар уни шод этади-ю, қайсилари кўнглини ғаш қилиши, нега у тўйларни олиб боришга билдирилган барча таклифларни рад этганини ошкора сўзлаб берганди. Келинг, суҳбатни тўлиғича эътиборингизга ҳавола қилсак ва Насиба Мақсудовани яна бир карра ёд этиб, унинг ҳақиқатлари, хулосалариё қувонч ва армонларидан воқиф бўлсак.

— Насиба опа, сиз ўзбек телевидениесининг дастлабки дикторларидан бирисиз. Тўй маросимларида бошловчилик қилиш сизнинг авлод вакилларига бошда ёт эди, шундай эмасми? Қачон бу “урф”га кирди экан?

— Даставвал телевидениеда саноқли дикторлар бор эдик, холос. Шу сабабми биз доим эл назарида, диққатида эдик. Гап-сўзимиздан тортиб эгнимиздаги либослар, соч турмакларига ҳам атрофдагилар эътибор қаратар, ҳатто тақлид қилишарди.

Ёдимда, ёшлик чоғларимда тўйларда шу қадар уялиб ўтирардимки, сўз бериб қолишса, эплаб гапимни топиб беролмасдим. Илгари хонадонларда ўтувчи базмларни маҳалланинг кекса отахон, онахонлари очиб беришар, сўнг санъаткорлар ижросига уланиб кетарди. Ҳозиргидек алоҳида тўйхоналар, бошловчилар деярли бўлмасди. Вақт ўтиб, даврани очиб бериш халқ ҳурматидаги сўзамол, заковатли инсонларга топшириладиган бўлди. Аста-секин бизга тенгқур бўлган ёш сухандонларни тўйни олиб бориш учун таклиф қила бошлашди. Телевидение юзи бўлган дикторларга бунга рухсат берилмаган пайтлар ҳам бўлди. Кейинчалик буни раҳбарлар ҳам, одамлар ҳам одатий ҳолдек қабул қилишди.

Биргина ҳамкасбим Муслимбек Йўлдошев мисолида айтадиган бўлсам, ўшанда у ҳам ижодкор, шоир, ҳам синчков, жуда эътиборли ёшгина йигит эди. Унинг тўйдаги чиқишлари кўпчиликка манзур бўлди. Бора-бора у ва у қатори бошқа бир неча телевидение сухандонлари тўйда бошловчилик қилишга киришиб кетишди. Уларнинг ишини бир неча карра кузатиб амин бўлдимки, тўйни олиб бориш ижодкорга кўп нарса берар экан.

— Айнан нима беришини англадингиз?

— Тўй худди телевидение, радио каби сухандоннинг тилини чархлайди. Даврада сизга қараб турган минглаб қоракўзлар салобатини енгиб, улар тан берадиган бир оғиз сўзни айтиш осон эмас. Теле ва радиоэфирда асосан олдиндан тайёрланган матнни ўқийсиз. Тўйдаги муҳит эса сиздан бутунлай бошқа: халқона, оддий, жонли гапларни кутади. Буни тушунган ҳамкасбларим телевидениенинг бир қадар расмий тилидан чекиниб, содда, самимий сўзлар, шеърлар билан нутқини безай бошлашди. Тўғриси, улардан айримларига қараб туриб ҳавасим ҳам келади.

— Ҳавасингизни уйғотган нарса нимада?

— Улар тўй бошловчиси сифатида анча оёққа туриб олишди. Одамлар билан мулоқот қилиш, қайси ўринда кимга сўз бериш, қаерда қандай шеър ўқиш — барчасини ўз устида ишлаб билиб олишди. Маҳорат ва малакаси ошди, бойиди. Халқ уларни таниди, тан берди, ишонди, меҳри ортди.

— Бу ҳақда шунчалар ҳавас билан гапиряпсизки, нега ўзингиз ҳам тўйларда бошловчилик қилмадингиз? Ахир сизга ҳам кўплаб таклифлар бўлган-ку!

— Биласизми, нега мен тўйларга умуман чиқмадим. Аввало, бу менга эриш туюлди. Одамларнинг қувончли кунида иштирок этиш яхши, албатта. Лекин ҳам висол оқшомларига бориб, ҳам бирор теледастурни олиб бориш — бир-бирига бутунлай тескари эканини англадим. Сабаби халқ наздида сиз ўша кўрсатувнинг юзи бўлиб қоласиз. Тўйда бўлса, ҳали у санъаткор келиб “навбатимни тезлаштиринг”, деб тихирлик қилса, бошқаси “мен шошяпман”, деб зарда қилса, сизнинг ўрнингиз, обрўйингиз қаерда қолади? Меҳмонлар ана у тўйчи келдими, деб сўраганда-чи? Мана шулар менга камситилишдек, ҳақоратдек туюлган бўлса керак. Мен тўйлар учун яратилмаган эканман.

— Аммо ҳозир тўйларимиз анча тартиблашган, ташкиллаштирилган ҳолда ўтяпти. Инсонларнинг тўйга, ундаги бошловчиларга муносабати ўзгаряпти…

— Тўғри, йиллар ўтиб, атрофдагиларнинг бу тантанага бўлган қарашлари ўзгармоқда. Бор гўзалликни, жами ноодатий нарсаларни шу шодиёнага қўшиш, йиғилганларга кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Илгари бошқа миллат тўйларини кўриб, ҳавас қилардик. Мана шукрки, бизда ҳам висол кечалари тадбир билан, режа билан ўтадиган бўлди. Ташкилий ишлар билан шуғулланувчи алоҳида ташкилотлар ҳам очилди. Бироқ юрагим ачишадиган, кўнглимни ғаш қиладиган айрим нарсалар ҳам борки, уларга жим қараб бўлмайди.

Ким ўзарга қилинаётган маросимлар кўпайиб кетди. Ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг-чи, оддий ўзбек фарзандларининг тўйи қандай қилиб шоҳона бўлиши мумкин? Уйда сипогина бўлиб юрган ўзбек қизи қандай қилиб чет элнинг ярим яланғоч кўйлагини кийиши мумкин? Кийганда ҳам ярашармикан? Ёхуд меҳмонлар ўзимизнинг ҳамшаҳар, ҳамюртларимиздан иборат бўлса-ю, бошловчи “дорогие гости”, “ladies and jentelmen” деб рус ё инглиз тилида даврани олиб борса, кулгили эмасми? Балки бунинг боиси бугунги тўйларни ёшларнинг ота-онаси эмас, ўзлари ҳал қилаётганидадир.

— Тўйларнинг ким ўзарга бўлаётгани ҳақида сўз очдингиз. Шу билан бирга бошловчилар ҳам ташқи кўриниш борасида бир-биридан ўзишга ҳаракат қилмаяптимикан?

— Сухандонларнинг кўринишига, гап-сўзига кўп разм соламан. Ёш-ёш қизлар қўғирчоқдек ясаниб, кечаларга чиқишяпти. “Очиқ-сочиқ кийиму пардозинг билан эмас, гапинг билан даврани жалб қил, келиндан-да гўзал бўлма, сипо бўл”, дегим келади уларга. Имиж деган тушунча бор. Бу аввало, у ёки бу соҳа вакили, жумладан, бошловчиларнинг маданият билан, дид билан кийинишини назарда тутади.

Аммо ташқи кўриниш ҳали асосий масала эмас. Савод, нутқ муаммоси бундан-да муҳим. Кўплар ғала-ғовур билан эътибор қилмайди, лекин мен бошловчиларга аҳамият билан қулоқ соламан. Кўпинча жуфт бўлиб олиб бораётганларнинг иккаласи ҳам бир хил мазмунда сўзлаши, ҳар гал даврага чиққанда бир гапни қайтараверишига гувоҳ бўламан. Гўё уларнинг вазифаси меҳмонларга фақат сўз беришдан иборатдек. На шеър, на ҳикматли иборалар. Гаплари “шаблон”, бошқа тўйда ҳам худди шу жумлаларни такрорлашади, исмларни ўзгартириб айтишади холос. Партнёрларнинг гапи бир-бирига мос тушиши керак, тандемда ишлашнинг ўз қонун-қоидалари бор. Ўйлаб қоламан, улар тўйга нима беряпти? Ахир уларнинг ҳам ўз вазифаси, масъулияти, гап-сўзининг юки, тарбиявий аҳамияти бўлиши керак-ку. Даврага файз олиб кириши, тўй соҳиблари, шодиёна сабабчилари, йиғилган меҳмонларни айтаётган сўзи билан, кийими билан, маданияти билан хушнуд этиши лозим эмасми?

Қолаверса, жуфтликларда ёш масаласига беэътибор қараляпти, назаримда. Баъзан катта ёшли, салобатли эркаклар билан жуда ёш, ҳали профессионал сифатлари тўла шаклланмаган қизлар бирга чиқишяпти. Кўпчилик маҳоратли, узоқ йиллар шу соҳада фаолият кўрсатган сухандон аёллардан кўра тажрибасиз бўлса-да, ёш ва гўзал қизларни бошловчи сифатида танлашни маъқул кўрмоқда. Аммо бир жиҳатни унутмайликки, тўйни олиб борадиган инсон каттароқ ёшли, сўзини топиб гапира оладиган, маъно-мазмунли гапи билан даврани ўзига қаратоладиган одам бўлиши керак, деб ўйлайман.

— Демак, тўй бошловчиларининг аксаридан кўнглингиз тўлмайди. Сизга манзур бўлаётганлари ҳам борми?

— Албатта. Муслимбек Йўлдошев тўғрисида суҳбатимиз аввалида айтиб ўтдим. Қолаверса, ёшлар орасида Рихситилла Абдуллаев, менимча, бу ишнинг об-ҳавосини жуда яхши ололган, ўзлаштирган бошловчи. Унинг маросимларни ташкил этувчи махсус гуруҳи ҳам бор. Суратчидан тортиб санъаткорларгача — ҳаммани жам қилган. Энг муҳими, у овози, кўриниши, кийими, ўзини эркин тутиши, актёрлик маҳоратидан жойида фойдаланиши, нутқи билан тўйга файз олиб киради. Шунақа киришимли, одамохун йигитга айланадики, қойил қоламан. Яъни у чинакамига замонавий тўй бошловчиси образига киради ва буни қойилмақом қилиб бажаради. Ҳақиқатан, бошловчи самимият ила, чиройли чеҳра ила ўша даврага, қилаётган ишига юрагини бериши, меҳмонларга ўз яқинидек муносабатда бўлиши, лозим бўлса улар билан ўйнаб, қувнаб, бир бутунга айланиши керак.

Бошловчи қизлардан эса Райҳон Уласенова ҳам киришимлилиги билан ажралиб туради. Нигора Каримбоева бироз масофа ушлаб гапирса-да, даврани ўзгача руҳ, ўзгача кайфият билан олиб боради. Рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлашадиган Нилуфар Сотиволдиеванинг ҳам ўз услуби бор. Бироқ бироз қуруқдек, назаримда. Умуман, бу қатордаги бошловчиларни узоқ санаш мумкин.

— Тўйларга чиқаман деб телевидение, радио, кинодаги ижоди сустлашаётган ижодкорларни биламиз. Бунга муносабатингиз қандай? Уларни ёқлайсизми?

— Бу саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин. Тантаналарга ҳаммани ҳам чақираверишмайди. Тўйларда бошловчилик қилишни ўргатадиган бирор мактаб йўқ. Истеъдоди, маҳорати борларгагина талаб ва эҳтиёж бор. Шунингдек, бу рақобат, бошловчи сифатида ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатиш майдони, ўзни халққа танитишнинг бир йўли. Қолаверса, тарозининг иккинчи палласида даромад деган нарса ҳам мавжуд. Мана шуларни бирламчи деб ҳисоблаганлар албатта эфирдаги ижоддан бироз чекиниши, чалғиши мумкин. Аммо бу вақтинча. Пайти келиб, улар яна ҳақиқий ижод уммонига шўнғишига ишонаман.

— Тўйдаги дабдабалар ҳақида кўп бонг урилди. Назаримда, улар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Сиз фарзанду набираларингиз, умуман, яқинларингиз тўйларини ташкиллаштиришда қандай мезонларга таянасиз?

— Айтиш мумкинки, фарзандларимнинг тўйларини ихчам, ортиқча дабдабасиз ўтказганман. Икки қиз, олти ўғил набирам бор. Уларнинг висол оқшомларини тартибли ўтказаман, деб ўйлайман. Албатта, ёшларнинг ҳам кўнгли, хоҳиш-истакларига қулоқ бераман. Бироқ зинҳор ва зинҳор уларнинг севги тарихини тўйда экранларда намойиш қилдирмайман. Ҳозир “Lоve story” деган нарса пайдо бўлди. Йиғилган меҳмонларнинг, бўлажак қайнона-қайнотанинг кўз ўнгида ёшларнинг қўл ушлашиб, бир-бирига нарса едириб, отларда сайр қилиб юришганини кўрсатишади. Аввало, бу бошқаларга кўз-кўз қилинмайдиган ўта шахсий ҳолатлар, шундай эмасми? Қолаверса, ҳали остонасидан ҳатлаб ўтмаган келинини бу тарзда кўрган қайнона-қайнотанинг у ҳақда қандай таассурот ва фикрга бориши мумкинлигини тахмин қилмасак ҳам бўлади.

Бундан ташқари, ёшларнинг вальс тушишини ҳам ёқламайман. Аксарият куёвларнинг рақс тушиб бўлгунча юзидан совуқ тер чиқиб кетади. “Қойиллатиб вальс тушолмасанг, келинни чирпирак қилиб айлантиролмасанг, нима қиласан бошқа миллат рақсини ўйнашга чираниб”, дегим келади уларга.

Яна бир ҳолат урф бўлаётгани кўпчиликни ташвишлантиряпти. Эндиликда куёв томон келиннинг дугоналарига бир хил кўйлак тиктириб бериши керак экан. Буниси қаердан чиқди? Куёв томоннинг харажатлари шундоқ ҳам етарли эмасмиди?

Куёвнинг дўстлари-чи? Тўйда куёвнинг ота-онасига сўз берилса, турнақатор бўлиб уларга пул қистиришади. Уларнинг ҳам ўз оилалари, харажатлари бор-ку ахир.

Энг ёмони келиннинг ярим-яланғоч кўйлакда даврага келишидир. Ўнлаб меҳмонлар, жумладан, бўлажак қайнота елкалари очиқ келинчакка қандай назар билан боқади экан? Хуллас, набираларимнинг тўйида бундай ҳолатларнинг ҳеч бирига йўл қўймасликка ҳаракат қиламан.

— Оила қуриш арафасида турган ёшларга тилакларингиз.

— Аввало ёшлар бахтли бўлсин, камтар-камсуқум бўлсин. Ортиқча ҳашамат, дабдабозликка ўч бўлмасин. Бахт тўйнинг қандай ўтишида, кийимда, совғаларда эмас. Асло! Ҳаёт фақат орзу-ҳавасдан ҳам иборат эмас. Буни ёш йигит-қизлар чин юракдан англашини ва ҳис этишини тилаб қоламан.

— Самимий суҳбат учун сизга ташаккур.

 

Шоҳсанам НИЁЗОВА суҳбатлашди.