“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси тўйларга борадиган санъаткорларнинг имтиёзли нархга эга рўйхатини шакллантирганидан хабарингиз бўлса керак. Қизиғи, Тошкент шаҳрида ош маросимида иштирок этадиган хонанда ва гуруҳлар рўйхатида ҳам, тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда хизмат кўрсатувчи навбатчи гуруҳлар кетма-кетлигида ҳам таниқли санъаткорлар номини учратмайсиз.

Ўзбекконцерт” ДМ директори Одил Абдуқаҳҳоровнинг оммавий ахборот воситаларига берган маълумотларига кўра, бу рўйхатларни шакллантиришдан кўзланган мақсад — “халқимизнинг шароитидан келиб чиққан ҳолда, уларга ҳар томонлама енгиллик яратиш”. Тўғри, нарх-наво нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ош тадбирларини ўтказиш 500 мингдан 800 минггача, тўй ва юбилей тадбирларини ўтказиш эса 800 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача белгилаб қўйилгани яхши, албатта. Аммо бошқа томондан бу аҳолининг баъзи қатламларига “чўнтакка қараб иш тутинг”, дейишдан ўзга нарса эмаслиги аён бўлади. Демак, камхарж оилалар рўйхатда кўрсатилган санъаткорлар билан тўй ўтказса бўлаверади. Бадавлат оилалар эса кимни чақиришни, қанчага чақиришни ўзлари ҳал қилаверади.

“Оддий” одамлар тўй маросимларини машҳур хонандалар, Озодбеклар-у Гулсанамлар билан ўтказишни хоҳламайди, дейсизми? Оммавий ахборот воситаларининг бу саволига “Ўзбекконцерт” раҳбари жавоб берар экан, шоу-бизнеснинг ёрқин юлдузлари бу даражага етгунча яхшигина “харажат” қилгани, яъни йиллар давомида қилинган меҳнат, яратилган қўшиқ ва клиплар, ўз устида ишлаш эвазига халқ меҳрини қозонишгани, шу боис улар ўз санъатига ўзлари баҳо белгилаш ҳуқуқига эга эканликлари ва уларнинг тўйларга қанча нархга боришини белгилаш “Ўзбекконцерт”нинг ваколат доирасида эмаслигини таъкидлади.

Раҳбарнинг қўшимча қилишича, бундай рўйхатлар бир ой ичида бутун республика, яъни барча вилоятлар миқёсида тузилади. Муассасанинг ишонч телефонларига эса рўйхатга киритилган хонанда ва гуруҳлар белгиланганидан юқори нархни талаб қилишган ҳолатда, шикоят қилиш мумкин.