Тўйлар борасидаги қонуний чеклов ва эркинликлар ўз аксини топган Сенат қарори қабул қилинди.

«Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги Қарорда белгиланишича, эндиликда жойларда оилавий тадбирларни миллий ва диний қадриятларимизга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан доимий мониторинг олиб борилади. Мониторинг натижалари асосида эса ўша ҳудуднинг урф-одатлари ҳамда шароитларидан келиб чиқиб, оилавий тадбирларни намунали ўтказиш билан боғлиқ масалалар депутатлар томонидан муҳокама қилиб борилади.

Бундан ташқари, тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилади.

Мақсад бундай тадбирларда миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига, исрофгарчиликка йўл қўймасликдир.